ТОШКЕНТ, 25 фев – Sputnik. “Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
Қарор лойиҳасига кўра, Бош прокуратура, Давлат солиқ ва божхона қўмиталарининг импорт операциялари бўйича солиқ ва божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш юзасидан доимий фаолият юритувчи Идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этиш бўйича таклифларини мақуллаш назарда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига товарларни импорт қилувчи барча юридик шахслар ҳисоб варақ - фактураларни тўлиқ электрон шаклда юритишга ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Қарор лойиҳасига “Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш механизми тўғрисида низом” илова қилинган.
“Давлат божхона қўмитаси, товарлар импорти тўғрисида ва божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг уч кун муддатда қуйидаги ҳолатларда соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарлар импорти тўғрисида идоралараро ахборот алмашинуви воситаси орқали Давлат солиқ қўмитасига ва “Ўзстандарт” агентлигига маълумот тақдим этади:
Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилганда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бундан мустасно) ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ихтисослашган ва қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хомашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинганда;
тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйилганда”, - дейилган ҳужжат лойиҳасида.