ТОШКЕНТ, 25 фев – Sputnik. Ўзбекистонда бугундан бошлаб янги қоғоз пул – 100 минг сўмлик муомалага чиқарилади. Бу ҳақида Марказий Банк 16 февралда хабар берган эди.
“100 минг сўмлик қийматга эга бўлган янги қоғоз пул чиқаришдан мақсад, биринчи навбатда, автомобиль, мебель, маиший техника каби юқори қийматли маҳсулотлар сотиб олганда аҳоли учун қулайлик яратишдир”, - деб Марказий банк пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоровнинг сўзларини келтиради Podrobno.uz.
Эслатиб ўтамиз, янги 100 минг сўмлик банкнотнинг мавзуси буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия фанидаги ютуқларига бағишланган. Банкнотнинг ўлчами 144 х 78 мм. бўлиб, махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган.