Тест синовларида асосий ўзгаришлар нимадан иборат бўлади - ДТМ директори жавоби

2019-2020 ўқув йили учун ўтказиладиган тест синовларида асосий янгиликлар нимадан иборат бўлиши ҳақидаги саволларга ДТМ директори Мажид Каримов жавоб берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 фев – Sputnik. Бу йил Ўзбекистонда тест синовлари янгича тартибда бўлиб ўтади. Тест синовларини такомиллаштириш ҳақидаги қонун лойиҳаси бир неча кун олдин эълон қилинган эди. 

Давлат тест маркази директори Мажид Каримов “Халқ сўзи” нашрига 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ушбу ўзгаришларнинг қайси бири қўлланилиши ҳақида сўзлаб берди. Энг асосий ва кўп саволлар туғдираётган ўзгаришлар қуйидагилар бўлди.

Ҳужжат топшириш пулли бўладими?

Жорий йилда мактаб, лицей ёки коллежни битирганлар учун тест синовлари бепул бўлади.

Бу йил иккинчи, учинчи ё ундан кўп маротаба ҳужжат топшираётганлар энг кам иш ҳаққининг бир баравари миқдорида (202730 сўм) тўлов тўланади.

Нега тўлов қилиняпти?

Тест синовларини сифатли ўтказиш ва шу билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида. Ушбу маблағлар тест бўлиб ўтадиган биноларнинг ижара тўлови, кондиционерлар, шахсни аниқлаш ва кузатув замонавий камералари, ота-оналар кузатуви учун мониторлар, абитуриентларни ичимлик суви ва ручка билан таъминлашга сарфланади.

Тест синовларида 1,2-1,3 млн абитуриент иштирок этса, шундан 700 минги янги битирувчилар бўлади.

Нечта олийгоҳга ҳужжат топшириш мумкин бўлади?

Абитуриентлар бир вақтнинг ўзида, параллел равишда учта олийгоҳга ҳужжат топшириши мумки бўлади. Учта олийгоҳ танлаган “эски абитуриентлар” ҳам тест синовлари учун фақат бир маротаба тўлов амалга оширади.

Ҳужжат топшириш ва тўлов тартиби

Энди ҳар бир абитуриент ўз ҳудудидаги Давлат хизматлари агентлиги орқали ҳужжат топширади. Агентлик ҳужжатлар қабул қилиб олишда қўшимча тўлов талаб қилади. Ҳозирча бу сумма тахминан 10-20 минг сўм атрофида бўлиши мумкинлиги айтилди.

Тестларда 5та фандан имтиҳон топшириладими?

Бу масала лойиҳа кўринишида турибди ва жорий йилда эмас, кейинги ўқув йили учун ўтказиладиган тест синовларида қўлланилади.

Техник ёки математикка она тили ёки соҳага оид бўлмаган фанлар нега керак? 

ДТМ мутасаддиларига кўра, бундай талаблар биринчи навбатда давлат гранти асосида ўқиш истагида бўлганлар учун. Яъни давлат ажратган грантга илиниш истагида бўлган ҳар қандай абитуриент она тилини ва соҳасига бевосита алоқадор бўлмаса-да, мактабда ўтиладиган фанлардан хабардор бўлиши лозим.

Абитуриентнинг баллари энди уч йилгача “куймайди“

Эндиликда абитуриентга тест синовида тўплаган баллари ҳақида сертификат берилади. Бу 3 йилга қадар амал қилади. Келгуси йилларда мазкур балл кириш учун етарли бўлган тақдирда у талаба бўлиш имкониятига эга бўлади. Бунда 3 йил ичида ЭКИҲни қайта тўлаш ҳам шарт бўлмайди.

Тест синовидаги саволларда бўлаётган ўзгаришлар

Жорий йилдан бошлаб Тарих фанидан атлас ва контур хариталар бўйича саволлар қўшилади. Бу борада нега кеч эълон қилиняпти, деган саволга ДТМ мутасаддилари “буларнинг барчаси дарсликлар бор бўлган маълумотлар асосида тузилганини билдирди. Яъни яхши ўқувчи мактаб дарслигида тарихдан атлас ва контур харита ҳақида маълумоти бўлиши керак. Бу ДТМнинг тест дастурида аввалдан бўлган, шу пайтгача техник имкониятлар етарли бўлмагани, чоп этишдаги имкониятнинг чеклангани учун бундай саволлар киритилмаган.

CEFR имтиҳонини қачон топширамиз?

Энг кўп савол айнан шу мавзуда бўлмоқда. ДТМ вакилларининг маълум қилишича, айни вақтда хорижий тажриба асосида бу каби имтиҳонларни олишда ягона тартиб ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси тақдим этилган. Қарор лойиҳаси кечикаётганлиги сабабли CEFR имтиҳони учун рўйхатга олиш тўхтаб турибди. Қарор тез орада чиқади ва бу рўйхатга олиш бошланиб кетади.

Имтиҳонлар қанчалик шаффоф ўтади?

Имтиҳонлар ўтадиган хоналар тўлиқ трансляция қилинади. ДТМ вакилларининг айтишича, ўтган йилги Самарқандда ва бошқа ҳудудларда кузатилган техник носозликлар бу йил қайтарилмаслиги учун имкон қадар ҳаракат қилинади. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини қандай имтиҳон топшираётганини кузатиш имкониятига эга бўлади.

Саволларни ким тузади?

Саволлар халқ таълими вазирлиги ва тегишли вазирлик томонидан саралаб олинган комиссия томонидан тузилади. Тайёр бўлгач ҳам бир неча маротаба қайта қайта экспертизадан ўтказилади. Мактаб дастуридан четга чиққан саволлар бўлмайди.