“Резина” тухум можароси: Энди Ўзбекистонда ҳам топилдими? – видео

Ижтимоий тармоқларда янги видео тарқалди. Видеода Тошкентда истиқомат қилувчи фуқаро Ўзбекистонга “резина” тухум кириб келганини маълум қилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда янги видео тарқалди. Видеода эркак киши ўзбек тилида Ўзбекистонга “резина” тухум кириб келганини маълум қилади.

“Хитой тухумлари чиққан дейишган эди. Қаранглар, мана энди Ўзбекистонга ҳам кириб келибди. Бу “Ўрикзор” бозоридан олинган тухум. Ҳозир уни кесиб кўраман, тухум сариғи резинага, коптокка ўхшайди. Эҳтиёт бўлинглар, Тошкентга ҳам кириб келибди”, - дея изоҳлайди видео муаллифи.

Қўлига тухум сариғини олганда , у коптокка ўхшаб думалаб кетади.

Эслатиб ўтамиз, 18 февраль куни Интернетда Қирғизистонда “резина” тухум пайдо бўлганлиги ҳақидаги хабар қизғин муҳокама қилинди. Қирғизистон фуқаросининг сўзларига кўра, пиширилган тухум сариғи “резина” бўлиб чиқади. Унинг фикрига кўра, бу тухумлар Хитойда ишлаб чиқарилган. Sputnik Қирғизистон агентлиги ушбу масала юзасидан Қирғизистон паррандачилик уюшмаси раиси Рустам Осмоналиевга мурожаат қилди. Осмоналиев уюшмага бир неча марта келиб чиқиши номаълум ва сифати қониқарсиз бўлган тухумлар Ўзбекистон ҳудудидан келаётганлиги ҳақида хабар берилгани ҳақида маълум қилади.

“Резина” тухум сотиш бошландими – қирғизистонлик экспертнинг жавоби

Sputnik Ўзбекистон агентлиги эса ўз ўрнида ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ветеринария қўмитасига мурожаат қилди. Қўмитада бу айбловларни рад этишди. Ўзбекистондан тухум Афғонистон, Тожикистон ва Эронга экспорт қилиниши, шунингдек, Ўзбекистондан Қирғизистонга фақат комбикорм, қурт ва биогумус ўғит экспорт қилинишини маълум қилинган эди.

Ўзбекистон Қирғизистонга "резина" тухум етказиб берилгани ҳақидаги хабарни рад этди

19 февраль куни Қирғизистон Ветеринария ва фитосанитария бўйича давлат инспекция раҳбари Калисбек Жумаканов қизғин баҳсга сабаб бўлган “резина” тухумлар Ўш шаҳрига Иссиқкўл вилоятидан келтирилгани аниқлангани ва маҳсулот таркибини аниқлаш мақсадида уни лабораторияга топширлаганини маълум қилган эди.