ТОШКЕНТ, 22 фев – Sputnik. Бош прокуратура Тошкент шаҳрида шу йил январь ойида топилган тарихий қимматбаҳо буюмлар ҳақида хабар бўйича изоҳ берди.
Sputnik Ўзбекистон агентлигига маълум қилинишича, Миллий университетининг 4-босқич талабаси, бир вақтда университет музейида 0,5 ставкада ишловчи М.Юсупов томонидан маҳаллий ОАВлардан бирининг ижтимоий тармоғига 2019 йил 19 январда Тошкент шаҳрида қиймати 1 миллион долларлик тарихий қимматбаҳо буюмлар топилганлиги ҳақида маълумотлар ва фотосуратлар тақдим этилган.
“Ўрганишда ижтимоий тармоқларда келтирилган топилмаларнинг аксарияти ХIХ асрга мансуб бўлиб, уларнинг деярли барчаси Ўзбекистон Миллий университетининг музейи ходими М.Юсупов томонидан сўнгги 2-3 йил давомида университетдаги профессор олимлардан музей учун олинганлиги, ушбу ашёларда уларнинг Университетга тегишлилигини тасдиқловчи муҳрлар мавжудлиги, хабарда келтирилган 8 кг олтин эса ҳақиқатда топилмаганлиги аниқланди”, - деб маълум қилинди Бош прокуратурада.
Миллий университети томонидан 2019 йилда 25 январда 17 турдаги топилмалар Қимматбаҳо металлар агентлигига вақтинча сақловга топширилган.
Ҳозирда уларнинг тарихийлиги ва ҳақиқий қиймати ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент марказидаги эски бинолардан бирининг ертўласида олиб борилган қидирув вақтида шу бино ертўласидан 80 йиллар аввал йўқолган хазина топилганлиги ҳақида хабар берилганди.