Мирзиёев АҚШ Қуролли Кучлари қўмондони билан ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилди

Жозеф Вотел Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаблари бошлиқларининг конференциясида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотелни қабул қилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва АҚШ мудофаа идоралари қандай масалаларни муҳокама қилди

Президент АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилаётган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Қуролли кучлари штаблари бошлиқларининг конференцияси илк бор Тошкентдаўтказилаётгани ҳамда бугунги даврнинг энг ўткир муаммоларидан бири – Афғонистондаги қуролли можарони муҳокама қилиш ва уни ҳал этишга ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш учун майдон эканини таъкидлади.

Шунингденк, учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳамда хавфсизлик соҳасидаги шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони ушбу тадбир якунида томонлар минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида конструктив шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган стратегияни ишлаб чиқишларига ишонч билдирди.