ТОШКЕНТ, 21 фев – Sputnik. Бугун Тошкентда бўлиб ўтаётган Марказий ва Жанубий Осиё штаб қўмондонлари конференциясида АҚШ марказий қўмондонлиги генерарали Жозеф Вотел сўзга чиқди.
Сўз бошида америкалик генерал Ўзбекистон президенти ва Мудофаа вазирлигига ушбу анжуманни ташкил қилишдаги саъй ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди ва Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишда Ўзбекистон етакчи ўрин тутишини қайд этди.
Шунингдек, Вотел АҚШ Марказий Осиё ҳудудидаги давлатлар мустақиллигига ўз ҳиссасини қўшишга асос бўладиган чоралар излаётганини хабар қилди.
“АҚШ, ҳудуддаги давлатларнинг барқарорлиги ва суверенитетига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида, ўзаро ҳамкорликнинг конструктив услубларини топиш ва ривожлантириш тарафдори”, - деди Жозеф Вотел.
Шу билан бирга Вотел анжуманнинг барча иштирокчиларига ҳудудий хавфсизликка бўлган интилишлари, ушбу йўналишда олиб бораётган суҳбат ва ҳамкорликлари учун миннатдорлик билдирди.
“Мен президент Шавкат Мирзиёевга ушбу анжуман муваффақиятидан шахсан манфаатдор эканлиги учун ва мен билан келажакда биз, ҳудудий хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида, қандай ҳамкорлик қилишимиз мумкинлиги ҳақида ўз фикрлари билан бўлишгани учун миннатдорлик билдираман.
Ўзбекистон халқига ҳам кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдираман”, - деб сўзларини якунлади америкалик генерал.