ФВВ ходимлари 2 яшар боланинг қўлини гўштқиймалагичдан чиқариб олишди

Навбатчилик қисмига 2017 йилда туғилган гўдакнинг ўнг қўли уй-шароитида фойдаланиладиган электр гўштқиймалагич ичига кириб қолганлиги ҳақида хабар келиб тушади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Самарқанд вилоятининг ФВВ ходимлари икки яшар боланинг қўлини электр гўштқиймалагичдан махсус мосламалар ёрдамида чиқариб олдилар, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Хабарда келтирилишича, 18 феврал куни Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Беруний кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро вилоят бошқарма навбатчилик қисмига 2017 йилда туғилган фарзандининг ўнг қўли уй-шароитида фойдаланиладиган электр гўштқиймалагич ичига кириб қолганлиги ҳамда фарзандини РШТЁИМ вилояти филиали жаррохлик бўлимига олиб борганлиги тўғрисида хабар берган.

Ушбу вазиятда боланинг қисилиб қолган бармоқларини жароҳатсиз чиқариб олиш бўйича тиббий ходимлар ва қутқарувчиларнинг ҳамкорликдаги ўта эҳтиёткорлик ва маҳорат билан амалга оширган ҳаракатлари натижасида электр гўштқиймалагич махсус мосламалар билан кесиб олинди.

"Олиб борилган тезкор ҳаракатлар ўз самарасини берди ва боланинг қўли мосламадан чиқариб олинди", - дейилади хабарда.

ФВВ ходимлари 2 яшар боланинг қўлини гўштқиймалагичдан чиқариб олишди