ТОШКЕНТ, 19 фев – Sputnik. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ялпи паспортлаштириш жараёни бошланди, деб хабар қилмоқда Давлат солиқ қўмитаси.
“Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилишини профилактика қилиш мақсадида ялпи паспортлаштириш (кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш) тадбирлари бошланган”, - дейилган расмий хабарда.
Давлат солиқ қўмитаси хабарига кўра, ушбу тадбирнинг асосий мақсади – солиқ қонунчилигига риоя этишлари учун кўмак ва маслаҳат беришдан иборат. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳеч қандай маъмурий ва молиявий жарималар қўлланилмайди ҳамда мавжуд тушунмовчиликлар ва камчиликлар ҳамкорликда бартараф этилади.
Ялпи паспортлаштириш тадбирининг дастлабки икки куни давомида 19 032 та объектлар кўздан кечирилган ва қуйидагилар аниқланган:
– 5 651 нафар меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаётган фуқароларга ижтимоий ҳимояланишлари учун иш берувчилар билан муносабатларини қонуний расмийлаштиришлари;
– 2 254 нафар жисмоний шахсларга давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик билан шуғулланишлари;
– 3 968 та объект эгаларига ижара шартномаларини давлат солиқ инспекцияларида рўйхатга қўйишлари ва 875 та мол-мулк объекти ҳамда ер майдони эгаларига мулкини кадастр идораларида рўйхатдан ўтказишлари тўғрисида профилактик суҳбат ва огоҳлантиришлар берилган.
Паспортлаштириш тадбирида 2 558 нафар давлат солиқ хизмати органи ходимлари жалб этилган.