ТОШКЕНТ, 19 фев - Sputnik. Ҳозирда Россия Федерациясида 25 000га яқин ўзбек ўқувчи-ёшлар таълим олмоқда ва ҳар йили улар сони ўртача 7500га ошиб бормоқда, деб хабар қилди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати.
Хабарда ёзилишича, икки ой муқаддам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Россия Федерацияси Бош экспертиза маркази ўртасида музокаралар олиб борилиб, ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган. Бунда Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида нострификация жараёнларида мавжуд электрон маълумотлар базалардан фойдаланишга келишиб олинди, бу эса ўз навбатида мутахассислар малакасини ошириш, семинарлар ўтказиш ва Россия Федерациясида таҳсил олишни хоҳлаган ёшларга кенг имкониятлар яратади. Ушбу жараённи янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев ва Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳузуридаги Бош экспертиза марказининг бош таҳлилчиси Вера Скоробагатова бошчилигидаги делегация билан учрашув ташкил этилди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Россия Федерацияси Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати мутахассислари билан биргаликда Россия Федерацияси ҳукумати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида “Таълим ҳужжатларини, малакавий ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш бўйича ҳукуматлараро Битим” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, икки давлат Ҳукуматларига тақдим қилинган.
“Ушбу битимнинг имзоланиши икки давлат ўртасида таълим ҳужжатларини тўғридан-тўғри тан олиниши, ёшларнинг билим олишидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш (Россияда ҳужжатларни нострификация қилиш 45 кунгача вақт олади) ва уларнинг ҳар йили тахминан 800 000 АҚШ доллари миқдордаги маблағларини тежашни таъминлайди”, - дейилади хабарда.
Таълим муассасаларини аккредитацияси бўйича тажриба алмашилиб, аккредитация жараёнига экспертларни танлаб олиш ва жалб этишда Россия тажрибасидан фойдаланиш, икки мамлакат ўртасида экспертларни ўзаро алмашиш орқали аккредитация жараёнларини биргаликда ўтказиш ҳамда қўшма аккредитацияланган олий таълим муассасалари филиаллари ва қўшма дастурларини тўғридан-тўғри тан олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2019 йил 1 мартдан бошлаб хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби жорий этилиши ҳақида хабар қилган эдик.