Москвада православ черкови мигрантлар болалари учун мактаб очди

Бепул мактабда педагоглар болаларга мактабда ўқишни бошлаш ҳамда мактаб программасини ўзлаштиришда ҳам ёрдам беради.   
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 фев – Sputnik. Рус православ черкови Москвадаги авлиё Евфросиня черкови қошида мигрантлар болалари учун биринчи бепул мактаб очди, деб хабар қилмоқда Москва патриархати матбуот хизмати.

Россия православ черкови Константинопол билан муносабатларини узди

Ушбу ўқув масканида профессионал педагоглар, логопедлар ва кўнгиллилар болаларни мактабда ўқишни бошлаш учун тайёрлайди. Шунингдек мактаб программасини ўзлаштиришда ҳам ёрдам беради.   

“Биз, Москвада маҳаллий аҳолига нисбатан кам ҳимояланган кишиларга профессионал хизмат кўрсатамиз. Тажрибали педагоглар ўз вазифаларига маъсулият билан ёндашиб болаларни мактабга тайёрламоқда ва алоҳида фанлардан “етишиб олишга” ёрдам бермоқда”, - дейди мигрантларга ижтимоий ёрдам бериш маркази ва мактаб директори руҳоний Дионисий Гришков.    

“Мигрантлар, кўп ҳолларда, маҳаллий аҳоли ҳақида салбий фикрда бўлишади, лекин биз ҳақиқий худога ишонувчи рус халқи қандай эканлигини кўрсатмоқчимиз”, - дейди руҳоний.

Черков қошидаги мактабда учта ёшга мўлжалланган гуруҳлар бор. Бугунги кунда умумий ҳисобда 16 нафар болалар таҳсил олмоқда. Келажакда болаларини имтиҳонларга тайёрлаш ҳамда боғча очиш режаси ҳам бор. Ушбу каби мактаблар Москва шаҳрининг турли туманларида пайдо бўлиши режалаштирилмоқда.