Тошкент ва Доха авиаташув тўғрисида битим имзолайди

Доха шаҳрида Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг шартнома-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва унинг инвентаризацияси бўйича икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 фев – Sputnik. 2019-йилнинг 17-18-феврал кунлари Доха шаҳрида Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг шартнома-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва унинг инвентаризацияси бўйича икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекиситон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон ва Қатар савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантиришга келишиб олди

Қайд этилишича, музокаралар чоғида турли жабҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик ҳуқуқий асосларининг ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди, Қатар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” бандларини амалга оширишнинг бориши ҳамда жорий йилда ўтказиладиган учрашувлар ва тадбирлар тўғрисида маълумот алмашилди.

“Хусусан, авиаташувлар ва ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишиб олинди”, - дейилади хабарда.

Маслаҳатлашувлар доирасида Қатар вазирлик ва идоралари экспертлари билан алоҳида музокаралар ўтказилиб, инвестиция, транспорт, солиқ, божхона, қишлоқ хўжалиги ва маданият соҳаларидаги келишувларнинг лойиҳалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш ҳамда икки ёқлама солиққа тортишни бартараф этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларнинг лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва имзолашга тайёрлаш борасида ҳам келишиб олдилар.