Янги 100 минг сўмлик банкнот қачондан чиқиши маълум бўлди - фото

Қиймати 100 000 сўм бўлган банкнотнинг мавзуси буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия фанидаги ютуқларига бағишланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2019 йилнинг 25 февралдан бошлаб қиймати 100 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиси муомалага чиқарилиши тўғрисида маълум қилади.

Қиймати 100 000 сўм бўлган банкнотнинг мавзуси (тематикаси) буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия фанидаги ютуқларига бағишланган.

Банкнотнинг ўлчами 144 х 78 мм. бўлиб, махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган.

Янги 100 минг сўмлик банкнот қачондан чиқиши маълум бўлди - фото

Банкнотнинг ўнг тарафидаги оқ овал қисмида Мирзо Улуғбек сурати кўринишидаги локал сув белгиси ва 100000 рақами кўринишида филигран сув белгиси жойлашган.

Банкнот олд ва орқа томонининг кўриниши Марказий банк хабарида батафсил баён этилган.

Муомалага чиқарилаётган қиймати 100 000 сўм бўлган пул белгиси, айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.