Ҳарбий спортчилар “Тошкент денгизи”да мастер-класс ўтказишди

Курсант ва талабаларга байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ҳалқаро тоифадаги спорт усталари томонидан мастер-класс машғулотлари ўтказилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Тошкент вилояти Туябўғиз сув омборида жойлашган Мудофаа вазирлиги спорт клуби базасида Қуролли Кучлар академияси курсантлари ҳамда Тошкент иқтисодиёт ва бизнес коллежи талабалари учун байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ҳалқаро тоифадаги спорт усталари томонидан мастер-класс машғулотлари ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбек ҳарбийлари экстремал шароитларда яшовчанликни ошириш бўйича машғулот ўтказди

Машғулотлар давомида ёшларга байдарка ва каноэда эшкак эшиш усуллари амалда кўрсатиб берилди. Шунингдек, иштирокчиларга сув спортининг турлари, келиб чиқиш тарихи, бугунги истиқболи ҳамда жаҳон аренасида мамлакатимиз ҳарбий байдаркачилари эришган ютуқлари ҳақида ҳам кўплаб қизиқарли маълумотлар айтиб ўтилди.

Айниқса, Жаҳон кубоги совриндори, кўплаб ҳалқаро мусобақалар иштирокчиси, навбатдаги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган иродали параканоэчи Азизбек Абдуҳабибов билан суҳбат ёшларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Тадбир сўнгида мазкур спорт тури билан шуғулланиш истагидаги ёшлар спорт клуби тўгарагига шу ернинг ўзида аъзо бўлишди.

Ҳарбий спортчилар “Тошкент денгизи”да мастер-класс ўтказишди

Маълумот ўрнида, 2018 йил мобайнида спортнинг байдарка ва каноэда эшкак эшиш тури бўйича 35 та ҳалқаро тоифадаги мусобақалар ўтказилган.

Мазкур нуфузли чемпионатда Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари томонидан 15 та олтин, 16 та кумуш ҳамда 4 та бронза медаллари қўлга киритилган. Республика миқёсида ўтказилган 103 та спорт мусобақаларида ҳарбий спортчилар 55 маротаба биринчи поғонани банд этган бўлса, 20 маротаба иккинчи ҳамда 28 маротаба учунчи ўринларни эгаллаган.