Афғонистон президенти Мирзиёевга миннатдорчилик изҳор этди

Абдулазиз Камилов Мюнхен конференцияси давомида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 фев – Sputnik. Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида иштирок этаётган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 2019 йилнинг 14 февраль куни Афғонистон Ислом Республикаси президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, учрашувда Афғонистонда тинчлик сиёсий мулоқотларини бошлаш доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони мазкур мулоқот афғонларнинг ўзлари томонидан амалга ошириши муҳимлигини таъкидлайди.

“Президент Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистон Президенти ва биродар ўзбек халқига мамлакатидаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш, унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши борасидаги изчил ва қатъий саъй-ҳаракатлар учун миннатдорчилик изҳор этди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, суҳбатда Ўзбекистон – Афғонистон кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди. Аввало, Ўзбекистон билан биргаликда трансафғон транзит коридорларини ташкил этиш ва минтақадаги ўзаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган йирик транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари тўғрисида сўз борди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегацияси 2019-йил 13-16-феврал кунлари амалий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлиб, Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида иштирок этмоқда.