ТОШКЕНТ, 14 фев - Sputnik. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб “Афросиёб” тезюрар поездларидан ташқари барча маҳаллий йўналишларда қатновчи йўловчи поездлар чипталарининг нархи 20% га ошишини маълум қилади, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.
“Бу ўз навбатида ҳар куни сарфланиб келинаётган электр энергия, хом ашёлар, ҳаракатланиш давомида вужудга келадиган барча ҳаражатларни қоплаш ва поездда хизмат кўрсатувчи барча ходимларга муносиб иш ҳақини тўлашга замин яратади”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, нархларни тартибга солиш ўз навбатида поезд йўналишлар сонини кўпайишига олиб келади ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишларни доимий равишда таъминлаб туради.
Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан янги йўналишларни кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва йўловчиларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.