ТОШКЕНТ, 14фев – Sputnik. Самарқандда қурувчилик фаолияти билан таниқли бўлган «Умар» қурилиш компанияси раҳбари, йирик тадбиркор Умар Ражабов, унинг ўғли ва унга алоқадор бўлган бошқа раҳбарлар устидан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар қилмоқда Дарё нашри.
"Ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси ҳозирча расмий маълумот бермади, лекин эҳтиёт чора сифатида уларни қамоққа олинди", - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, “Умар” қурилиш компаниясининг уйлари атрофидаги можаролар икки йилдан бери давом этаётган эди. Маълумотларга кўра, ушбу компания қурган уйларнинг бузилиши ҳақидаги гап-сўзлардан саросимага тушган буюртмачилар, яъни уйга пул тўлаган одамларнинг айримлари берган пулларини қайтаришни талаб қила бошлаган.
Ана шундай шикоят хатлари асосида вилоят прокуратураси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3, 4-бандларида (фирибгарлик) кўзда тутилган катта миқдордаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбламоқда.
Хабарда айтилишига кўра, Умар Ражабов «Афросиёб Хосият Бегим Макони» МЧЖни таъсис этиб, норасмий равишда бошқариб келиб, Файзулло Файзиев, Шавкат Аблақулов, Руслан Ражабов ва бошқалар билан жиноий тил бириктириб, жамиятга Самарқанд шаҳрининг тегишли қисмларида кўп қаватли уй-жой қуриш учун рухсат берилмаган бўлса-да, фуқаролар Н.К., Ч.А., Р.А. кўрсатилган манзилга кўп қаватли уй-жой қуришини айтиб, уларни алдаб, фирибгарлик йўли билан 900 миллион сўмдан ортиқ нақд пул маблағини кўлга киритган.