Америкаликлар учун ош ва Африкадаги қудуқлар: Чикагода ўзбеклар қандай ҳаёт кечиришмоқда

Ўзбек-америка ассоциацияси ўз фаолиятини 10 йил аввал Чикагода ўзбекистонлик эмигрант уйи ертўласида бошлаган. Бугунги кунга келиб унинг байрамларига минглаб кишилар ташриф буюради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 фев - Sputnik, Ксения Набаткина. Ўзбек-америка ассоциацияси президенти Олим Шарипов Sputnik Ўзбекистонга берган интервьюсида океан ортида истиқомат қила туриб, қай тарзда ўз маданиятини сақлаб қолиш ва маданий тадбирларида америкаликларни қатнаштириш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилди.

Ассоциация – бу АҚШга кўчиб ўтган ўзбеклар, жумладан, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатлар ўзбекларининг кўнгилли бирлашмаси. Ассоциация аъзоларининг айримлари АҚШда туғилишган, лекин уларнинг бобо ва бобо калонлари Марказий Осиёдан бўлишган.

“Бизнинг ташкилот 2009 йилда ташкил топган, фаолиятимизни 1970 йилда бу ерга кўчиб келган бир ўзбек уйининг ертўласида бошлаганмиз. Унинг исми Шераҳиддин Насафи. Унинг қариндошлари Сталин даврида Афғонистон орқали Ўзбекистондан қочиб, Америкага келиб қолишган. Ушбу ташкилотни барпо этиш ташаббуси унга тегишли. Биз унинг ертўласида тўпланар эдик ва ҳар куни бу ердаги ватандошларимизга қандай ёрдам бериш ва улар учун нима қилиш мумкинлиги муҳокама қилар эдик”, - дейди Шарипов.

Орадан 10 йил ўтиб ассоциация асосий фаолларини 10 нафар ўзбек ташкил этади, бироқ ассоциация томонидан ташкил этилган тадбирга юзлаб кишилар келади. “Plov day” тадбирига 300 нафарга яқин меҳмонлар келганини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин. “Plov day” тадбирида ошнинг турли хили - тошкентча, бухороча, самарқандча ошни татиб кўриш мумкин эди. Ўзбеклардан ташқари руслар, украинлар ва МДҲнинг бошқа давлат вакиллари ҳам ташриф буюришди. Шариповнинг сўзларга кўра, америкаларга ўзбек миллий таоми манзур келган ва улар таҳсинлар ўқишган. Кўзланган асосий мақсад ҳам шундан иборат – АҚШ аҳолисини ўзбек маданияти билан яқиндан таништириш, дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш. Шунингдек, ўз ўрнида урф-одатларни унутиб қўймаслик.

Америкаликлар учун ош ва Африкадаги қудуқлар: Чикагода ўзбеклар қандай ҳаёт кечиришмоқда

Шарипов ҳисобига кўра, Чикаго ва унинг атрофида жами 2-3 мингга яқин ўзбек оилалари истиқомат қилишади. Ассоциация ўзбек маданият марказида мазкур оилалар учун турли тадбирлар ўтказиб келади.  Аёллар клуби, оқсоқоллар бирлашмаси, дам олиш куни мактаби бунга мисол бўлолади. Ушбу мактабда мигрант фарзандлари якшанба кунлари ўзбек эканликларини унутиб қўймасликлари учун ўзбек тилини ўрганишади. Шунингдек, у ерда турли семинарлар ўтказилади. Айтиш жоизки, ушбу семинарларда ватандошлар Америка ҳақида фойдали билим олишлари мумкин. Уларга солиқ, суғурта, бизнес юритиш қоидалари ҳақида маълумот берилади. Уларнинг миграцион муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришади.

Америкаликлар учун ош ва Африкадаги қудуқлар: Чикагода ўзбеклар қандай ҳаёт кечиришмоқда

Чикагода яшаб келаётган ўзбеклар ватанини унутишмаган ва у ера содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб боришади.

“Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларни кузатиб борамиз, ахир у ерда қариндошларимиз ва ёр-биродарларимиз яшашади. Мен ташкилот раҳбари сифатида президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркка келиб, ватандошлар билан учрашганда, у билан кўришган эдим. Ҳозирда Ўзбекистонда виза олиш тизими соддалаштириб, ҳужжатларни онлайн тарзда виза олиш учун топшириш имконияти пайдо бўлгани жуда яхши бўлди”, - дея қайд этди Шарипов.

Мирзиёев ўзининг ташриф чоғида ассоциацияга қўлда чизилган Регистон суратини ҳадя этди. Эндиликда у марказ биносидаги мактабни безатиб турибди.

Америкаликлар учун ош ва Африкадаги қудуқлар: Чикагода ўзбеклар қандай ҳаёт кечиришмоқда

Баъзан АҚШдаги ватандошлар нафақат ватанда рўй бераётган воқеаларни кузатишади, балки хайрия акцияларини ташкил қилишади. Улар Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилар учун ўзбек тилида иншо ёзиш танловини ўтказишди. Иштирокчилардан олти нафари мукофотланди: биринчи ўрин соҳиби 200 доллар, иккинчи ўрин соҳиби 100 доллар, яна тўрт киши 50 доллар миқдорида пул мукофти билан тақдирланди. Шунингдек, ассоциация иштирокчилари Қашқадарё вилояти Касбий туманидаги мактаблардан бирининг кам таъминланган ўқувчиларига мактаб формасини харид қилишди.

Ассоциациянинг бошқа йирик хайрия лойиҳаси Африка аҳолисига ёрдам беришга қаратилган: Чикагода яшовчи, ўзгалар муаммосига бефарқ бўлмаган ўзбеклар маблағ тўплашди. Бугунги кунга келиб учта қудуқ қазилиб, маҳаллий аҳоли ичимлик суви билан таъминланган. Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: нима сабабдан айнан африкаликларга қудуқ қазиб берилди, Ўзбекистонда қурғоқчиликдан азият чекаётган ҳудудлар ҳам бор-ку, ахир.

Хайрли иш: чикаголик ўзбеклар африкаликларга қай тарзда ёрдам беришмоқда

“Биз сувга жуда ҳам муҳтож бўлган ҳудудларни изладик. Африка аҳолиси эса жуда қашшоқ. У ердаги уйлар қанақалигини кўрганмисиз? Ўзбекистонда барчаси анча яхши, лекин биз Ўзбекистонга ҳам ёрдам беришга тайёрмиз”, - дея маълум қилди Шарипов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон билан турли лойиҳаларда ҳамкорлик қилишда қоғозбозликка доир кўплаб муаммолар ҳозиргача юзага келмоқда, шунинг учун чикаголик фаолларга мамлакатда ҳужжатларни расмийлаштириш каби масалани ўз зиммасига олишга тайёр ёрдамчилар лозим.

Март ойида ассоциация ўн йиллигини нишонлаш – чикаголик ўзбекларнинг яқин келажакдаги режалари. Ушбу ўн йиллик санани Наврўз байрамида нишонлашмоқчи, шунинг учун сумалак ва бошқа миллий таомлар тайёрланади. Ошпазлар билан аллақачон келишиб қўйилган. Қўшиқ ва рақс бўлиши муқаррар. Шариповнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонинг АҚШдаги элчихонаси вакиллари ва бошқа давлат дипломатлари байрамга ташриф буюришни ваъда қилишган. Шунингдек, барча хоҳловчиларни ҳам кутиб қолишади, албатта. Чунки ўзбек меҳмондўстлиги Америкада ҳам ўзбек меҳмондўстлигича бўлиб қолади.