Ўзбекистонда 1 мартдан шаҳар телефони учун абонент тўлови оширилади

Қайд этилишича, бошқа универсал хизматлар тарифлари олдинги ҳолида сақланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Ўзбекистонда 1 мартдан шаҳар ва қишлоқ телефон тармоғи абонентлари асосий телефон аппаратидан фойдаланганлиги учун абонент тўлови миқдори оширилади, деб хабар қилди “Ўзтелеком” матбуот хизмати.

Баҳор ойидан шаҳар аҳолиси ойига 5 800 сўм, қишлоқ аҳолиси эса  2 600 сўм миқдорида тўловни амалга оширишади.

Хабарда ёзилишича, телефон алоқаси хизмати учун абонент тўлови ва вақтбай тўлов тизими учун ҳисоб-китоб тизими соддалаштирилди ва кечки вақт ҳамда дам олиш (шанба, якшанба, байрам) кунлари маҳаллий ва шаҳарлараро телефон тармоқларига амалга ошириладиган қўнғироқлар учун пасайтирилган коэффициентлар бекор қилинди.

Ўзбекистон алоқада: телефон рақамлари қандай ўзгаради

Бундан ташқари, хонадонлар телефони ва меҳмонхоналарда истиқомат қилувчи фуқаролар учун ўрнатилган телефонлардан кредитга тақдим этиладиган сўзлашувларда ҳар бир сўзлашув учун устама миқдоридаги тўлов ҳақи бекор қилинди.

Қайд этилишича, бошқа универсал хизматлар тарифлари олдинги ҳолида сақланган. Шунингдек, телефон тармоғига улаш учун рўйхатга олиш тўлови ва телефондан фойдаланишдаги тўловларга ўрнатилган имтиёзлар ўз кучини сақлаб қолади.