ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. “Cancer Research UK” ташкилоти мутахассислари саратон касалликлигининг еттита асосий белгиларини маълум қилишди. Бу ҳақда РИА новости Daily Express нашрига таяниб хабар қилди.
“Касаллик аломатларини писанд қилмаслик - умр кўриш имкониятларини жиддий равишда қисқартириши мумкин. Ўсимта саратоннинг кенг тарқалган белгиси, лекин ундан ташқари ўз вақтида диққат қилиниши муҳим бўлган яна еттита асосий белгилар бор”, - дейилади мақола матнида.
Саратон касалликларининг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгилар бўлишига қарамасдан, шифокорлар барчасига тааллуқли асосий аломатларни келтириб ўтишади.
Қайд этилишича, ҳеч бир сабабсиз анча вазн йўқотиш организмда саратон хасталиги ривожланаётганидан дарак бериши мумкин. Бироқ тананинг вақти-вақти билан вазн йўқотиб туриши нормал ҳолат саналади.
Яна бир хавотирли аломатлардан бири - қўққисдан юзага келувчи оғриқлар. “Агар шу каби ҳолат сизни безовта қилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, мутахассислар қорин дам бўлиши ва жиғилдон қайнашига ҳам эътиборсиз бўлмасликни сўрашган. Кўпинча бу баъзи маҳсулотларни истеъмол қилишда юзага келади. Аммо шу каби ҳолатлар мунтазам кузатилса, танадаги хасталикдан дарак бериши мумкин.
Бундан ташқари, экспертлар овқат ҳазм қилишдаги бузилишлар, пешоб ва ахлатда қон бўлиши биланоқ, шифокорга учрашни пайсалга солмасликни тавсия қилишди.