Божхоначилар маданий бойликлар Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилишига йўл қўйишмади

“Термиз-Внуково” йўналишида учиб кетаётган фуқаро “Яшил” йўлакдан ҳаракатланаётганда, белгиланган тартибда божхоначилар назоратидан ўтказилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Ўзбекистон божхона хизмати органлари томонидан қадимийлиги 50 йилдан ошган 90 (тўқсон) дона Эрон ва Афғонистонда зарб қилинган тангалар Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилишини олди олинди.

Сурхондарёда “Ласетти” ишини “босди-босди” қилиш учун пора берган фуқаро қўлга олинди

Хабарда қайд этилишича, “Термиз-Внуково” йўналишида учиб кетаётган фуқаро Ш.М. “Яшил” йўлакдан ҳаракатланаётганда, белгиланган тартибда божхоначилар назоратидан ўтказилади. Натижада, унинг қўл юклари орасидан божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва қадимийлиги 50 йилдан ошган 90 (тўқсон) дона Эрон ва Афғонистонда зарб қилинган тангалар борлиги аниқланиб, тўхтатиб қолинади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонунига кўра, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши, вақтинча олиб чиқилиши мумкинлиги тўғрисида қарорларни фақат Ўзбекистон Республикасининг Маданият вазирлиги қабул қилади.

Мазкур қонунга кўра, давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган, давлат ва жамоат музейларида, архивларида, кутубхоналарида ва бошқа сақлаш жойларида доимий сақланаётган, шунингдек, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.