ТОШКЕНТ, 12 фев – Sputnik. “Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг янги миқдорларини жорий этиш тўғрисида” Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори лойиҳаси тайёрланди.
Қарор лойиҳасига бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимларнинг миқдорлари; бозорлар ва савдо комплексларида инвентарларини ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган тўловларнинг миқдорлари; бозорлар ва савдо комплекслари балансидаги бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг миқдорлари; бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар учун ундириладиган тўлов миқдори илова қилинган.
Мисол учун ҳужжат лойиҳасида ҳўл мевалар сотиш 1 ўрин/кунга 8,5 минг сўм, сабзавотлар – 6 минг сўм, салқин ичимликлар эса 38 минг сўм тўлов миқдори таклиф қилинган.
“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва халқ истеъмоли моллари билан савдо қилинганда, бир жой ўлчами 1 — 1,2 погон метр деб белгиланади ва шу ўлчамдан ортиқ ўрин учун қўшимча равишда ҳар бир савдо ўрни учун белгиланган тўлов миқдорида жой ҳақи ундирилади.”- дейилган ҳужжат иловасида.