Афсонавий “Ўзбекистон” меҳмонхонаси сотувга қўйилди

Давлат “Ўзбекистон” меҳмонхонасидаги ўз улушини сотиш бўйича танловни эълон қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 фев – Sputnik. Давлат “Ўзбекистон” меҳмонхонасидаги ўз улушини сотувга қўйди. Бу ҳақда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида эълон берилган.

Ҳозир меҳмонхона биносини бошқарувчи “Otel O’zbekiston” МЧЖ қўшма корхонасида 80,13% давлатга тегишли.

Тошкент марказида беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ ва банк қурилади

Бошланғич нарх - 33 миллион доллар. Максимал тўлов муддати - 3 йил. Харидор икки йил мобайнида 100 миллиард сўм маблағ киритиш бўйича инвестиция мажбуриятларини ўзига олиши керак. Бу маблағ меҳмонхонани модернизация ва, агар зарурат туғилса, реконструкция қилиш учун керак.

Янги мулкдор 10 йил давомида фаолиятнинг асосий турини сақлаб қолиши, бино ташқи кўринишини ўзгартирмаслиги ва меҳмонхонани бошқариш учун энг яхши менежерларни жалб қилиши шарт.

Танловда иштирок этиш учун дастлабки нархнинг камида 15 фоизи миқдорида гаров пули киритиш лозим.