Сентябрь ойидан МГИМОнинг Тошкентдаги филиали фаолиятини бошлайди

Баҳорда Тошкент шаҳрида МГИМО битирувчиларининг “Биргаликда келажак сари” номли V Халқаро форумини ўтказилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО)нинг Тошкент филиали жорий йилнинг сентябр ойида ўз фаолиятини бошлайди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Сергей Лавров Тошкентда МГИМО филиали очилишини хабар қилди

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Абдужабар Абдувахитовнинг МГИМО проректори Артём Малгин билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда баҳорда Тошкент шаҳрида МГИМО битирувчиларининг V Халқаро форумини ўтказиш ва институт филиалини очиш билан боғлиқ амалий жиҳатлар муҳокама қилинди. “Биргаликда келажак сари” номли МГИМО битирувчиларининг Биринчи Умумжаҳон форуми 2013-йилда Боку шаҳрида ўтказилиб, унда мазкур таълим муассасасининг 25 давлатдан келган 400 га яқин битирувчилари иштирок этган.

“МГИМОнинг Тошкент филиали жорий йилнинг сентябр ойидан бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича тўлақонли фаолият кўрсата бошлаши режалаштирилмоқда”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида МГИМО филиали фаолиятини йўлга қўйиш бўйича аввал эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши, жумладан, бинони таъмирлаш ва ўқув анжомлари билан таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.