ТОШКЕНТ, 10 фев – Sputnik. Америкалик Чероки қабиласига мансуб Рахсаан Уолф исмли ҳинду қозоқлар ва ҳиндулар генетик даражада оға-ини эканига ишончи комил. Рахсаан қозоқлар ва америка маҳаллий аҳолиси орасида кўплаб ўхшашликлар топди, бу ҳақида Tengrinews телеканалига асосан Дарё хабар қилмоқда.
“Мен асли америкаликман, Чероки қавми кўчманчисиман. Ҳиндулар ва қозоқларнинг умумий тимсоллари бор, бу - бизни яқинлаштиради. Мен Осиё маданиятига яқинман, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиё тарихини ўрганганман. Бизда кўп умумий белгилар бор. Масалан: кўчманчилик урф-одатлари, от миниш, бургут билан ов қилиш, дўмбра чертиш каби”, — дейди Рахсаан.
Америка маҳаллий аҳолиси – ҳиндулар келиб чиқиши борасида ўтказилган изланишларда – улар Россиянинг Олтой ўлкаси, Сибирь ва Марказий Осиё, Жанубий Хитой ҳудудида яшаган қабилаларнинг Аляска орқали Америка ҳудудига кўчиб келиши натижасида пайдо бўлган деган назария ўз тасдиғини топган. Ушбу халқлар ва ҳиндулар генларида бошқа халқларда учрамайдиган хромосомалар топилган. Тахминан 12 минг йил олдин ҳозирги Беринг бўғози ўрнида қуруқлик бўлган ва Аляска Евроосиё қитъасига туташ бўлган.
Бугунги кунда энг кўп ҳиндулар Мексика ҳудудида яшайди - 10 млн киши. Шунингдек Боливияда - 7 млн, Перуда - 6 млн, Гватемалада - 5,4 млн, Эквадорда - 3,4 млн, АҚШда - 2,4 млн, Колумбия ва Канадада - 1 млндан ортиқроқ ҳинду яшайди.