ТОШКЕНТ, 9 фев - Sputnik. Кеча, 8 февраль куни Марказий ҳарбий округига қарашли "Каттақўрғон" дала ўқув майдонида "Ҳудудда отишни ташкил этиш ва ўт очишни бошқариш" бўйича кўргазмали машғулотлар ўтказилди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби Артиллерия бошқармаси томонидан ўтказилган ўқув йиғинининг амалий машғулотларида Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги барча артиллерия бўлинмалари мутахассислари, олий ҳарбий таълим муассасаларининг артиллерия кафедралари вакиллари иштирок этди.
Ўқув машғулотлари давомида 122-мм гаубица Д-30 ҳамда БМ-21 артиллерия қуролларидан айланма мудофаа позициясидан тўғридан-тўғри нишонга йўналтириб 12-14 км масофаларга ҳамда сафар ҳолатидан 8-9 км масофага ўт очилиб, белгиланган шартли нишонлар яксон қилинди.
Тактик машғулотлар жараёнида шартли кичик қўпорувчи гуруҳларни аралаш дивизион колоннасига ҳужум уюштириш ва зарбани қайтариш, миналаштирилган ҳудуд тўсиқларидан ўтиш, каби 7 хил кўргазмали ўқув жойлари ташкил этилди. Амалий машғулотларда тўхтовсиз ўт очишнинг замонавий усули – артиллерия халқаси қўлланилди. Ўқ отиш машғулотларида ёритувчи ва осколкали-фугасли снарядларидан фойдаланилди.
Машғулот якунида йиғин иштирокчилари назарий имтиҳон топширдилар ва муваффақиятли иштирок этган ҳарбий хизматчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.