ТОШКЕНТ, 9 февр - Sputnik. Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари янги туғилган қизини 3 миллион беш юз минг сўмга пуллаган фарғоналик аёлни қўлга олишди.
Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати хабарига кўра, аёл чақалоғини 26 январда сотган ва Тошкентга кетишга чоғланаётганида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сал олдин Тошкентда ўз фарзандини 300 долларга сотаёган ота-она қўлга олинганди. Унгача беш яшар фарзандини 15 миллион сўмга сотаётганда ҳибсга олинган фуқаро ҳақида хабар берган эдик.
Ўтган йил декабр ойида эса Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бир яшар фарзандини сотишга уринган жиноятчини қўлга олишган эди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам жиноий иш қўзғатилган.
Ўзбекистон жиноят кодекси 135 моддасига мувофиқ, одам савдоси бўйича 3 йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.