ТОШКЕНТ, 7 фев - Sputnik. Ўзбекистонда биринчи хоккей мусабақаси бошланмоқда, деб хабар қилмоқда Миллий Олимпия қўмитаси.
“Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба ўтказилаётган ушбу мусобақада "Бинокор", "Хумо", "Семурғ" ва "Тошкент" жамоалари иштирок этишади. Икки ой давом этадиган чемпионат доирасида 24 та учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган”, - дейилган хабарда.
Ўйинлар «Ice City» муз аренасида ташкил қилинади. Дастлабки ўйин 8 феврал куни соат 18:00 да “Тошкент” ва "Бинокор" жамоалари орасида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон биринчи хоккей чемпионатининг очилиш маросими 1 февраль куни бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистон хоккей федерацияси 2018 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат рўйхатидан ўтказилган. Федерациянинг асосий мақсад ва вазифаси – мамлакатимизда хоккейни оммалаштириш ва ривожлантириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хоккей бўйича Республика чемпионати, кубоги, Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган халқаро мусобақаларни ташкил қилишдан иборатдир.