Россия компанияси Тошкент боғчаларида овқатланиш хизматини ташкил қилиши мумкин

Россия компанияси Тошкентда боғчаларни овқат билан таъминлашга ихтисослашган қўшма корхона ташкил қилиши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Россиянинг "Кейтеринбург" компанияси Тошкентдаги болалар боғчаларда аутсорсинг асосида овқатланишни таъминлашга қаратилган инвестицион лойиҳани амалга ошириш ҳақида келишиб олишди. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамаси томонидан эълон қилинган қарор лойиҳасида айтиб ўтилган.

Ўзбекистонда 2019 йилда 400 дан ортиқ боғча таъмирланади

Россия компанияси Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасалари учун аутсорсинг асосида овқатланиш хизматлари кўрсатадиган корхона ташкил қилишни режалаштирган. Дастлабки босқичда лойҳада Тошкентнинг 50та боғчаси иштирок этади. Келажакда уларнинг сони ошиши мумкин.

Лойиҳага кўра, ҳар бир боғчага "Кейтеринбург" компанияси қиймати ўртача 8,4 минг долар бўлган ишлар амалга оширишни режалаштирган. Хусусан, боғча ошхоналарни таъмирдан чиқариш ва  уларни ошхона жиҳозлари билан таъминлаш назарда тутилган.

Янги қарор лойиҳаси 20 февралга қадар муҳокама қилинади. Агар ҳужжат тасдиқланса ва кучга кирса, мактабгача таълим вазирлиги қўшма корхона билан Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 50та боғчасига 5 йил муддатга хизмат кўрсатиш ҳақида шартнома имзолайди.