Парижда йирик ёнғин: пияниста аёл ўт қўйиб юборган бўлиши мумкин – видео

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ёнғин содир этганликда гумонлаб, шу бинода яшашган 40 ёшли аёлни қўлга олишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 фев - Sputnik. Парижда тураржой биносида содир бўлган ёнғин оқибатида ўн киши ҳалок бўлди.

France Info нашрининг маълум қилишича, жами 36 киши, жумладан, 6 нафар ўт ўчирувчилар жароҳатланган. Қолган жабрланувчилар эса жонини қутқармоқчи бўлиб, ўзини деразадан ташлаганлар. Ҳалок бўлганлар орасида кичик ёшдаги бола борлиги айтилмоқда.

Эрланж кўчасидаги 8 қаватли тураржойда 4 февралдан 5 февралга ўтар кечаси ёнғин келиб чиққан. Айтиш жоизки, мазкур тураржой Булон ўрмони яқинида жойлашган ва Парижнинг обрўли жойларидан ҳисобланади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ёнғин содир этганликда гумонлаб, шу бинода яшаган 40 ёшли аёлни қўлга олишди. Таъкидланишича, аёл руҳий касалликдан азият чекади ва қўлга олинган вақтда маст ҳолатида бўлган.

ВВС хабарига кўра, қўшнилардан бири бир кун олдин қўлга олинган аёл мусиқани баланд қўйиб эшитгани ва ўт ўчирувчи бўлиб ишлайдиган қўшниси унга танбеҳ берганини маълум қилган. Жанжал чоғида аёл гўёки шундай деган: “Модомики сен ўт ўчирувчи экансан, унда мен уйга ўт қўйиб юбораман”

Ҳозирда ҳодисанинг барча тафсилотлари ўрганилмоқда.