Ер ажратиш бўйича туман ҳокими қарорини чиқартириб беришни ваъда қилган шахс қўлга олинди

Мазкур ҳолат юзасидан жиноятчига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Риштон туманида туман ҳокимлиги захирасидан фермер хўжалиги ташкил этиши учун ер ажратиш тўғрисида туман ҳокими қарорини чиқартириб бериш эвазига 4000 доллар олаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматининг телеграм-канали хабар қилди.

Хабарда келтирилишича,  Департаментнинг Риштон туман бўлими ва ДХХ Фарғона вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Риштон тумани “Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази” директори И.К. фуқаро Н.К.га туман ҳокимлиги захирасидан фермер хўжалиги ташкил этиши учун 6 гектар ер ажратиш тўғрисида туман ҳокими қарорини чиқартириб бериш эвазига 4000 доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноятчига  нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.