Тошкентда рейднинг илк кунида нечта қарздор ҳайдовчи аниқланди?

Аксарият ҳайдовчилар “жойида” банкнинг энг яқин филиалида жарима тўлашга рози бўлишган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 янв - Sputnik. Тошкентда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ва жаримани ўз вақтида тўламаган ҳайдовчиларни аниқлаш бўйича ўтказилган тадбирнинг илк кунида 26 та транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Ўзбекистонда қарздор ҳайдовчилар машинасини "эвакуация" қилиш бошланади

30 январь куни Тошкент йўлларида ЙҲХБ инспекторлари томонидан 467 транспорт воситаси тўхтатилди, улардан 389 нафар ҳайдовчилар “жойида” банкнинг энг яқин филиалида жарима тўлашди. Тадбирнинг илк кунида  жами 71.5 млн сўм жарима ундирилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги МИБ ходимлари билан ҳамкорлигида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жаримани ўз вақтида тўламаган ҳайдовчиларни аниқлаш ва уларнинг автотранспорт воситаларини жарима майдончаларига киритиш тадбирлари бошланган эди.

Агар ҳайдовчи жарима солиш тўғрисида қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кун давомида жарима тўламаса, унинг транспорт воситаси жарима тўлиқ тўлангунига қадар ушлаб турилади. Мазкур чора Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасида (Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби) кўзда тутилган.