Ўзбекистон Эрондан нефть маҳсулотлари сотиб олиш масалаларини муҳокама қилмоқда

Кейинги йилларда Эронда Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талаб ортган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 — Sputnik. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида Эрон Ислом Республикаси темир йўл тизими вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистонда бензин нархи пасайиши шартлари ҳақида эксперт фикри

Хабарда келтирилишича, учрашувда икки давлат темир йўл соҳаси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, манфаатли алоқаларни ривожлантириш борасида бир қатор масалалар кўриб чиқилган. 

“Хусусан, транзит юкларни ташишда қулайликлар яратиш, бу борада янги йўналишларни кўриб чиқиш, контейнер вагонлари орқали импорт ва экспорт хизматларини кўрсатиш бўйича фикр юритилган. Кейинги йилларда Эрон Ислом Республикасида Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талаб ортган. Учрашувда ушбу масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Шунингдек, Эрондан нефть маҳсулотларини олиб келиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган олтингугуртни етказиб бериш борасида ҳам таклифлар билдирилган”, - дейилган хабарда.

Шунингдек, Эрон Ўзбекистон йўналиш бўйича контейнерлар орқали ташувлар ҳажмини оширишни режалаштирган. Жорий йилда Хитойдан 50 минг тонна юк олиб келиш белгиланган. Бу борада Қозоғистон ва Туркманистон давлатлари билан ҳам музокаралар олиб борилиши кўзда тутилган.

Учрашув сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан йиғилиш баённомаси имзоланди.