Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази иш бошлади

Сенатор Раҳматулла Назаров Марказ раҳбарлигига тайинланди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 янв - Sputnik, Дилшода Раҳматова. 2019 йил 29 январь куни Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази очилишига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистонлик Норов ШҲТ Бош котиби бўлганига Мирзиёев қандай баҳо берди?

ШҲТ халқ дипломатияси маркази раҳбари, сенатор Раҳматулла Назаров Марказ 2017 йил июнда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилгани ва алоқаларни мустаҳкамлаш учун ўз фаолиятида халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишини қайд этди.

Назаровга кўра, бутун дунёда глобаллашув ва интеграция жараёнлари кучайиб бораётган бир вақтда халқ дипломатияси халқаро муносабатларнинг асосий элементларига айланмоқда. Жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари фаолияти, қардош шаҳарлар даражасидаги алоқалар, ижтимоий-сиёсий акциялар, халқаро ноҳукумат ташкилотларининг ҳамкорликни кучайтириш бўйича ташаббуслари давлатлар ва халқларнинг янада яқинлашишига, барча даражаларда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига кўмаклашади.

Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази иш бошлади

Марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси"га мувофиқ 2019 йилда Марказ ва ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва мулоқот бўйича шерикларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва уни ривожлантириш бўйича 30дан ортиқ тадбир ўтказиш, қўшма тадбирлар, фестиваллар, фольклор, халқ ҳунармандчилиги ва ижодиёти кўргазмалари ташкил этиш, Ипак йўлининг маданий меросини сақлаш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилмоқда.