ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов Корея Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Квон Ён У билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
“Суҳбат чоғида 2019-йилга мўлжалланган сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама алоқаларнинг жадвали бўйича фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, бўлажак олий даражадаги Ўзбекистон – Жанубий Корея учрашувини муваффақиятли ўтказишдан икки томон ҳам манфаатдорлиги қайд этилди. Мазкур учрашувга пухта тайёргарлик кўриш борасидаги қўшма тадбирларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.