Сурхондарёдаги пахта цехида кўп миқдорда давлат мулки талон-торож қилинганлиги аниқланди

Текширув давомида умумий қиймати 214,4 млн. сўмлик 72 тонна сара уруғлик чигитларни сохта далолатномалар расмийлаштирган ҳолда чиқим қилганлиги аниқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 янв – Sputnik. Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган текширишда, вилоятдаги пахта тозалаш корхоналарининг бирида цех бошлиғи лавозимида ишлаб келган С.С. гўёки белгиланган тартибда сақланмаганлиги, сифати бузилганлиги натижасида экиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган 5 турдаги умумий қиймати 214,4 миллион сўмлик 72 тонна сара уруғлик чигитларни сохта далолатномалар расмийлаштирган ҳолда чиқим қилиб, жуда кўп миқдордаги давлат мулкини талон-торож қилганлиги аниқланган.

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматининг телеграмм-канали хабар қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.