Самарқандда ҳайдовчидан 50 доллар пора олган туман маъмурий суд раиси қўлга олинди

Самарқанд вилояти Оқдарё туман маъмурий суди раиси О.Ф. 50 доллар миқдорида пора олаётган пайтида қўлга олинган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 янв – Sputnik. Самарқанд вилояти Оқдарё туман маъмурий суди раиси О.Ф. 50 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтида қўлга олинган. Бу ҳақда UzNews.uz интернет портали хабар берди.

Бош прокуратура Нурхон Нафасов билан боғлиқ хабарга раддия берди

Хабарда айтилишича, О.Ф. фуқаро А.Т.дан унга нисбатан тайинланган икки йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини қисқартириб бериш эвазига 100 АҚШ доллари миқдорида пул сўраган.

"Жорий йилнинг 18 январь куни О.Ф. фуқаро А.Т.дан 50 долларни олиб, қолган 50 долларни тез кунда олиб келишини талаб қилган.

2019 йил 22 январь куни О.Ф. фуқаро А.Т.дан 50 долларни ўз хизмат хонасида пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ходимлари томонидан ушланган", - дейилган хабарда.

О.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210 моддаси 2 қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Айбланувчи қамоққа олиниб, тергов олиб борилмоқда.