Пахта, ғалла, мева-сабзавот ва янги кластерлар: ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди

Қарор лойиҳасида пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини самарали йўлга қўйишда ўз ечимини кутаётган тизимли муаммолар санаб ўтилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 янв – Sputnik. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “Қишлоқ хўжалиги кластерлари ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрлади.

Пахта, томчилатиб суғориш ва субсидия: президент янги қарори

Янги ҳужжат лойиҳасида биринчи навбатда пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини самарали йўлга қўйишда ўз ечимини кутаётган тизимли муаммолар санаб ўтилган.

Шунингдек, пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи тасдиқлаш назарда тутилган.

Лойиҳада ишчи гуруҳ 2019 йил 1 июнгача кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш ва улар фаолиятини тўғри ташкил этишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини тайёрлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш ҳақида топшириқ баён этилган.

“Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир ой муддатда тижорат банклари томонидан чет эл линиялари ҳисобидан ишлатилмай қолган валюта маблағларини минерал ўғитлар импорти учун кластерларга вақтинча (хорижий валютада қайтариш шарти билан) ажратиш чораларини кўрсин”, - дейилган ҳужжат лойиҳасида.

Шунингдек, ҳужжатда Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2019 йил 1 мартгача пахта хомашёсини етиштириш даврида сув билан узлуксиз таъминлаш мақсадида насос станциялари бошқармалари ва сув таъминотчилари ўртасида сувни етказиб бериш графикларини тасдиқлаш тўғрисида топшириқ қайд этилган.

Ўзбекистонда 2019 йилда қанча майдонга пахта экилиши маълум бўлди

Ҳужжат лойиҳаси 6 февралгача муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойи якунида пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинганди.

Ҳужжат талабларига кўра, бюджет маблағидан томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун ҳар бир гектар ерга 8 млн сўм субсидия берилади.