Нурхон Нафасов 125,5 миллион сўмлик пулни талон-торож қилишда айбланмоқда

Ўзбекистон Каратэ Миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов 125 миллион 557 минг сўмлик пул маблағини талон-торож қилишда айбланмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 янв – Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон Каратэ Миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, тергов жараёнида амалга оширилган тафтиш натижасида ноқонуний хатти-харакатлар тўғрисидаги бирламчи маълумотлар ўз тасдиғини топди.

Ҳусусан, Н.Нафасовнинг федерация раиси лавозимига тайинланган кун – 2018 йил 16 майдан бошлаб октябрь ойигача 125 миллион 557 минг сўмлик пул маблағини белгиланган тарзда (терма жамоа аъзолари, уларни мусобақаларга тайёрлаш ҳаражатлари) сарфлаш ўрнига, уларни мақсадсиз ва ортиқча ишлатганлиги, товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўйилганлиги, спортчилардан бадал пулларини йиғиб олиб, федерация ғазнасига кирим қилинмаганлиги аниқланди.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.