Меҳмонхоналар “ахлоқсиз мижозлар” устидан ИИБга шикоят қилишлари мумкин бўлади

Шунингдек, меҳмонхоналар ахлоқсизликда гумон қилган шахсларга хизмат кўрсатмаслик ҳуқуқига эга бўлишлари ҳам мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 янв – Sputnik. Ўзбекистонда меҳмонхоналар ахлоқсизлик хатти-ҳаракатда асосли гумон қилган мижозлар устидан ИИБ шикоят қилишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистонда меҳмонхона хизматларини кўрсатиш бўйича намунавий қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида”ги лойиҳасида айтиб ўтилган.

Нуфузли меҳмонхоналар билан ҳамкорлик давлат томонидан қўллаб қувватланади

Шунингдек, меҳмонхоналарга ахлоқсиз хатти-ҳаракатларни содир этишда гумон қилган меҳмонларга хизмат кўрсатмаслик ҳуқуқи берилиши мумкин.

Аммо ҳужжатда меҳмонхона хизматлари "жисмоний шахсларнинг яшаш жойи (пропискаси), фуқаролиги, қариндошлик ва никоҳ муносабатларидан, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъий назар" кўрсатилиши лозимлиги қайд этилган.

Ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжат остида фуқаролар ўз фикрларини ёзиб қолдиришмоқда. Улар ҳужжатда “асосли гумон қилиш” ва “ғайриахлоқий ҳаракатлар” тушунчаларига изоҳ берилмагани ва ҳар бир меҳмонхона ходими буни ўз хоҳишича талқин қилиши мумкинлигини айтиб ўтишган.