Германия билан ҳамкорликда замонавий онкологик марказ очилади

Ўзбекистонда қиймати 50 миллион евро бўлган онкологик марказ очилади ҳамда Германияда шифокорларнинг малакасини ошириш имкони пайдо бўлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 янв –Sputnik. Ўзбекистонда Германия билан ҳамкорликда қиймати 50 миллион евро бўлган онкологик марказ очилди, деб хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

“Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда OPASCA German Oncology Solutions GmbH томонидан 50 миллион евро қийматидаги энг сўнгги технология ва жиҳозлар билан таъминланган, замонавий клиника бунёд этиш юзасидан келишув имзоланди”, - дейилган хабарда.

- Натижасида ўта оғир, мураккаб ва гумонли ҳолатларга ҳам аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш имкони юзага келади. Муҳими, ушбу замонавий шифохонада германиялик етакчи мутахассис ва олимлар доимий асосда ишлайди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов.

Бундан ташқари, Мангейм университети клиникаси профессорлари томонидан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Шу тариқа мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба тиббиётнинг барча йуналишлари бўйича Германиянинг энг илғор тиббиёт марказида мутахассисларимизни мунтазам тайёрлаш ҳамда малака ошириш тизимига асос солинди, - дейлган хабарда.

Маълумки, Германия тиббиёти энг ривожланган давлатлар сирасига киради. Айниқса, онкология йўналишида кўплаб ютуқларга эришган. Бу борада профилактика, касалликни эрта аниқлаш, юқори технологик даволаш ҳамда реабилитация борасида катта натижаларни қўлга киритган.