Японияга қарши энг яхши ўйинимизни намойиш қиламиз - Эктор Купер

Японияга қарши ўйинда максимал натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз, лекин баъзи ўйинчиларга дам бериш ниятимиз ҳам бор, - деди Купер.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 янв - Sputnik. Эртага Осиё Кубоги доирасида бўлиб ўтиши кутилаётган Ўзбекистон Япония ўйини олдидан Эктор Купер ва Жавоҳир Сидиқов иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда ЎФА матбуот хизмати.

Қуйида ушбу матбуот анжуманидан баъзи муҳим лавҳаларни келтирамиз: 

Эктор Купер: эртага фақат уч очко учун майдонга тушамиз. Мақсадимиз гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритиш. Японияга қарши ўзимизни энг яхши ўйинимизни намойиш қилмоқчимиз.

Жавоҳир Сидиқов: Япония Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Тўғри, минимум вазифа бажарилди - плей-офф йўлланмаси қўлга киритилди. Энди эртанги ўйинда ҳам яхши ҳаракат қилиб, жамоамиз нималарга қодир эканини синовдан ўтказиб олмоқчимиз.

Ўзбекистоннинг навбатдаги рақиби - Япония термаси билан танишамиз

Эктор Купер: Албатта, эртага ғалаба учун майдонга тушамиз. Аммо баъзи футболчиларга дам бериш режамиз ҳам бор. Чунки биз плей-офф ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Миср терма жамоасини бошқарганимда, Африка Кубогида жамоа яхши ўйнаган пайтда таркибдаги футболчиларга дам бермагандим. Кейин ўша футболчиларда чарчоқ аломатлари сезилди. Ўша тажрибамдан келиб чиқиб, эртага таркибда баъзи ўзгаришлар бўлиши мумкин. Қайси футболчиларга дам бериш борасида бугунги машғулотдан кейин бир тўхтамга келамиз.

Эктор Купер: Бир нарсани тушунишингизни истардим. Плей-оффда кучсиз рақиб бўлмайди. Ҳар қандай рақибга қарши ўйнашга тайёр бўлиш керак. Биз бош совринни қўлга киритиш мақсадида ушбу турнирга келганмиз. Шундай экан, ҳар қандай рақиб билан ўйнашга тайёрмиз.

Эктор Купер: Японияни нимани эвазига ютишимиз мумкин? Бу ҳақида ўзим биладиган нарсаларни ҳозирги матбуот анжуманида айтиб ўтирмайман. Япония кучли жамоа. Аммо ҳар қандай кучли жамоани ҳам мағлубиятга учратиш мумкин. Биз шунга ҳаракат қиламиз.

Эктор Купер: Эртанги ўйинда муҳими ғалаба қозониш. Плей-оффни қайси шаҳарда ўтказишнинг аҳамияти йўқ. Бу иккинчи даражали масала. БААнинг барча шаҳарлари чиройли, барча меҳмонхоналарда шароит аъло даражда. Шу сабабли бу муҳим эмас. Муҳими ғалаба қозониш.