ТОШКЕНТ, 15 янв – Sputnik. Хоразм вилоятида учта валютафуруш қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ва Янгибозор туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар Б. ва С.лар ҳар бир АҚШ долларини 8450 сўмдан ҳисоблаб, 7900 АҚШ долларини 66,7 млн. сўмга ноқонуний равишда сотган вақтда ушланганлар.
Бундан ташқари, ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, фуқаро Р. ҳар бир АҚШ долларини 8320 сўмдан ҳисоблаб, 11450 АҚШ долларини 95,2 млн. сўмга ноқонуний равишда сотиб олаётган вақтда ушланган.
Шунингдек, фуқаро Р.дан ноқонуний муомалага киритиш учун мўлжалланган 700 АҚШ доллари, 133650 Россия рубли, 545700 қозоқ тенгеси ва 64,8 млн. сўм пуллар ашёвий далиллар сифатида олинган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.