Тошкентда робот техника бўйича RoboCraft курслари очилди

RoboCraft - махсус курслардан иборат бўлиб, машғулотларда ўқувчилар роботларни йиғиш ҳамда уларни дастурлашни ўрганиши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Тошкентда Республика “Баркамол авлод” марказида болаларга робот ва дастурларни ишлаб чиқишни ўрганиш имконини берувчи RoboCraft ихтисослаштирилган курсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ҳалқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

Ўзбекистонда робот-полициячилар хизматга киришиши кутилмоқда

Хабарда келтирилишича, RoboCraft курслари таълим йўналишидаги давлат ва хусусий секторнинг биринчи қўшма лойиҳаси ҳисобланади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошидаги инновация, технология ва стратегия маркази томонидан хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилди.

“Дастлабки босқичда ўқувчилар SCRATCH асосида дастурлаш билан таништирилиб, робот-дизайнер Junior E мисолида мехатроника асослари бўйича таълим олади. Шу тарзда алгоритмлаш бўйича асосий билим ва зарур кўникмаларни олиб, шахсий роботларини бошқаришни ўрганишади”, - дейилган хабарда.

Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган халқ таълими вазири Шерзод Шермато ушбу лойиҳа ижтимоий соҳа бўйича инвесторларни жалб этиш ҳамда таълим соҳасидаги инновацион ислоҳотлар йўлида давлат ва хусусий шерикликни ривожлантиришга асос бўлишини таъкидлади.

Тошкентда робот техника бўйича RoboCraft курслари очилди

Шунингдек, халқ таълими вазирлиги келгусида сармоядорлар билан биргаликда юқори малакали ва рақобатбардош ёш авлодни тайёрлаш мақсадида “Баркамол авлод” марказларини замонавий АКТ воситалари билан жиҳозлашни режалаштирмоқда.