"Суперполиция": ўзбек милицияси қулай ва кўркам формага ўтиши кутилмоқда

Ўзбек милицияси бугунги кунда замонавий ва халққа яқинроқ бўлишга интилмоқда. Ички ишлар идоралари ходимларининг ижобий имиджини шакллантириш мақсадида уларнинг формасини ўзгартириш қарори қабул қилинган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 янв - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон ИИВ идорасида янги форма намуналари кўрилмоқда ва яқин ойларда у ўзбекистонликлар эътиборига ҳавола қилинади, деди сешанба куни бўлиб ўтган брифингда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев.

Андижон вилояти ИИБнинг қатор мансабдор шахслари ҳибсга олинди

"Раҳбар сифатида сизларга айтмоқчиман, форма ёки милиция номи ўзгаргани билан масала ҳал бўлмайди. Муҳтарам юртбошимиз биз учун янги ўқув муассасасини очаяпти. Нега? Чунки бугун биз янги ходимларни шакллантиришимиз керак. Янги форма кийганимиз билан "эски ҳаммом, эски тос" бўладиган бўлса, кимга керак бу?", - деди Спутник мухбирининг саволига жавобан Тошкент шаҳар ИИББ раҳбари Рустам Жўраев.

Жўраевнинг айтишича, форма танлашда бир нечта давлатлар формалари кўриб чиқилган.

"Сифат ва ранг жиҳатдан энг сараси танлаб олинмоқда. Форма ҳам кўркам, ҳам функционал, ҳам қулай бўлмоғи лозим. Ички ишлар идоралари бўлинмалари кўп - пост патрул хизмати, тергов бўлими ва ҳоказо. Ҳар бир бўлинманинг ўз эҳтиёжлари бор. Мисол учун, бошқа давлатлар пост-патрул хизматларини кўриб чиққанимизда, улар сал қолмаса кроссовкада юришларига гувоҳ бўлдик. Чунки патрул хизмати ходими югуриши ва (қонунбузарларни) ушлаши керак. Шу боис, уларнинг формаси қулай ва ғижим бўлмайдиган бўлмоғи лозим. Бундай форма шимига стрелка ҳам керак эмас. Бизда эса, ҳозирча офисда кийиладиган форма ҳам, кўчада ишлайдиган ходимларимиз формаси ҳам бир хил", - дея тушунтирди Тошкент бош милиционери. 

Айтишларича, янги форма қулайлик жиҳатдан ҳамда мамлакат иқлимини ҳисобга олган ҳолда танланади. Ўзбекистон ҳуқуқ поспонлари янги формаси масаласи янги форма намунаси давлат ва ҳукумат раҳбарлари тасдиғидан ўтгач тўлиқ ҳал бўлади.