ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
Ҳужжат билан соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шаклларини ва муддатларини татбиқ этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин:
- хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш ва доимий фойдаланиш учун бепул асосда ер участкаларини ажратиш - доимий;
- мавжуд давлат тиббиёт ташкилотларини қайтадан қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан хусусий тиббиёт ташкилотлари объектлари қуриш ва доимий фойдаланиш учун бепул асосда ер участкалари тақдим этиш – доимий;
- хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш ва вақтинча фойдаланиш учун бепул асосда ер участкалари тақдим этиш – камида 10 йил;
- бўш турган давлат мулки объектларини, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган давлат тиббиёт ташкилотларининг бино ва иншоотларини мақсадли фойдаланиш учун «нол» харид қийматида сотиш - доимий;
- давлат тиббиёт ташкилотларининг фойдаланилмаётган, кам фойдаланиладиган ёки реконструкция қилиш ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қиладиган мавжуд бино, иншоот ва тиббий асбоб-ускуналарини фойдаланиш учун тақдим этиш – камида 10 йил;
- концессия асосида бино қуриш ёки реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун мол-мулк ва ер участкаларини ажратиш– 15 йилгача;
- давлат тиббиёт муассасаларини хусусий шерикка ишончли бошқарувга топшириш – 15 йилгача;
- давлат тиббиёт ташкилотларининг айрим функциялари ёки хизматларини тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида ўтказиш – 5 йилгача;
- хусусий тиббиёт ташкилотларининг айрим функциялари ёки хизматларидан давлат тиббиёт ташкилотларида шартнома асосида фойдаланиш – 5 йилгача;
Давлат–хусусий шериклик шаклига кўра, хусусий шерикка қуйидаги инвестиция мажбуриятлари юклатилади:
- давлат тиббий муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш;
- қонун ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли тўлов ҳажмларида ёки бепул тиббий хизматлар кўрсатиш;
- давлат тиббий муассасалари учун ёрдамчи функцияларни, шунингдек даволаш-профилактика хизматларининг соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгиланган алоҳида турлариникўрсатиш;
- давлат–хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутиладиган бошқа мажбуриятлар.
Қарор лойиҳасига Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ташкил этиш тўғрисида низом илова қилинган.
“Хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тиббий фаолият қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия асосида амалга оширилади”, - дейилган ҳужжат лойиҳасида.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун танлов очиқ турда ўтказилади ва барча юридик шахслар қатнашиши мумкин.