Қатар Ироқ тикланишига миллиард доллар ажратмоқчи

Бир ярим йил олдин Саудия Арабистони, БАА ва Бахрайн ўз қўшниси Қатар билан муносабатларни кескин узиб, транспорт блокадасини қўйган ва савдо иқтисодий алоқаларни тамомила тўхтатган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 янв - Sputnik. Қатар Амири Тамим бин Хамад Ал Тоний Ироқ президенти Бархам Салех билан музокараларда Ироқ инфратузилмасини тиклаш учун миллиард доллар инвестиция киритишга тайёрлигини тасдиқлади, деб хабар берди жума куни Қатар ТИВ ахборот тарқатиш офиси.

Ўзбекистон ва Қатар савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантиришга келишиб олди

Ироқ президенти Қатарда расмий ташриф билан бўлиб турибди, жума куни у амир саройида қатар ҳукумати иштирокида бўлиб ўтадиган тантанали тушликда иштирок этади.

Салех Дохага АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан ўтказилган музокаралардан кейин келди. Помпео ҳам якшанба куни стратегик мулоқот анжуманида иштирок этиш учун Қатарга келиши кутилмоқда.

"Музокаралар вақтида Ироқ ва Қатар раҳбарлари биринчи навбатда иқтисодий, савдо, инвестиция соҳаларида, шунингдек, инфратузилма ва туризм соҳасида муносабатларни мустаҳкамлаш имкониятларини муҳокама қилдилар. Қатар инфратузилма лойиҳаларига, шунингдек, Ироқни тиклаш учун миллиард доллар миқдорида кредитлар ва инвестициялар пакетини ажратишини маълум қилди", - дейилади ТИВ хабарида.

Бундан ташқари, икки мамлакат етакчилари Қатардаги Хамада ва Ироқдаги Умм Қаср портлари ўртасида иқтисодий ва савдо муносабатларини ривожлантириш учун тўғридан-тўғри кемалар йўлини ташкил этишга келишиб олди.

Салех Ал Тонийга Ироқга расмий ташриф уюштириш таклифини киритди.

Бир ярим йил олдин қўшни-давлатлар - Саудия Арабистони, БАА ва Бахрайн Қатар билан муносабатларни кескин узиб, унга транспорт блокадасини қўйган ва савдо иқтисодий алоқаларни тўхтатган эди.  Доха амирликни барча зарур нарсалар билан таъминлаш мақсадида бошқа мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантиришга ва янги кема йўлларини очишга интилмоқда.