ТОШКЕНТ, 9 янв – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 8 январь куни инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Давлат раҳбари, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий комплексига оид вазифаларга ҳам тўхталиб, туризм соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
“Туризм учун босқичма-босқич ҳамма шароитларни яратяпмиз, инвесторларга, ишбилармонларга кенг имкониятлар беряпмиз. 2019 йил туризм ривожида туб бурилиш йили бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида ҳам бу соҳа ривожи бўйича таклифлар билдирган эди.
Ушбу таклифларни амалда татбиқ этиш мақсадида президентнинг жорий йил 5 январдаги фармонига мувофиқ 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди. Шунингдек, ўша куни имзоланган президент қарори билан меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати қабул қилинди.