Ўзбекистонда яна бир сиёсий куч майдонга келди

Ўзбекистонда яна бир сиёсий партия - Ўзбекистон экологик партияси пайдо бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 янв – Sputnik. Бугун Ўзбекистонда яна бир сиёсий куч пайдо бўлди – Ўзбекистон Экологик партияси таъсис этилди, деб хабар қилмоқда ЎзА.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг 250 нафар вакиллари иштирокида Тошкентдаги Халқаро савдо марказида ташкил этилган мажлисда, Ўзбекистон Экологик партиясини таъсис этиш ҳақидаги қарор қабул  қилинди. Партиянинг Марказий Кенгаши аъзолари, Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари сайлаб олинди.

Давлат экологик экспертизаси ўтказиш низоми тасдиқланди

Делегатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида Ўзбекистон экологик партияси Устави ва Дастури лойиҳалари ҳамда съездда кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.Партиянинг рамзлари тасдиқланди.

Бу Ўзбекистон сиёсий ҳаётида муҳим янгилик. Шу кунга қадар Республикада 4та сиёсий партия мавжуд эди: Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон либерал-демократик партияси (Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Экологик ҳаракати 2008 йил 2 августда ташкил этилган эди. Кейинчалик Экоҳаракат Ўзбекистонда энг фаол жамоат ташкилотларидан бирига айланди. Ҳаракатнинг ваколатхоналари барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида очилди. Шунингдек Экоҳаракат депутатлари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидан ўн бешта ўрин ажратилди. Экоҳаракат раҳбари - Алиханов Борий Ботирович Ўзбекистон Олий Мажлиси спикери ўринбосари лавозимига сайланди.