Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари фаолиятига доир қарор лойиҳаси тайёрланди

Ҳужжат лойиҳасига профилактика инспекторларининг ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом илова қилинган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 янв  — Sputnik. “Ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларининг ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори муҳокамага қўйилди.

ИИВ ички ишлар ходимлари кунига бағишлаб видео суратга олди

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг тугатилган “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари раҳбарларининг 9 002 нафар штат бирлигини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин”, - дейилган қарор лойиҳасида.

Шунингдек, ҳужжатга профилактика инспекторларининг ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом, профилактика инспекторларининг ёрдамчиларини квота асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низом илова қилинган.

Низомда профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг асосий вазифалари қайд этилган. Масалан,  тегишли ҳудудда хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар огоҳлигини ошириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ички ишлар органларига кўмаклашиш; бириктирилган ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактик тарғибот тадбирларини ўтказишда иштирок этиш; фуқароларда, айниқса вояга етмаганлар ва ёшларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқаролар йиғинларида ҳуқуқий тарғибот ишларини тизимли амалга ошириш.

Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ ички ишлар ходимларини мукофотлади

Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлаш турлари:

- эгаллаб турган штат лавозими бўйича ойлик маошини ташкил этувчи амал маошидан;

- меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик қўшимча турлари, бир йўла тўлов ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ва низом билан ўрнатилган устама ва тўловлардан иборат.

“Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига рағбатлантириш коэфиценти сифатида ойлик лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида устама тўланади.

Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига алоҳида меҳнат шароитлари учун ойлик лавозим маошининг 12 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақи тўланади”, - деб ёзилган лойиҳада.

Қарор лойиҳаси 21 январгача муҳокама қилинади.